Ўзбекистонлик Норов ШҲТ Бош котиби бўлганига Мирзиёев қандай баҳо берди?

Йирик халқаро ташкилот раҳбарлигига илк бор Ўзбекистон фуқароси тасдиқланди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 янв - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 1 январ куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби лавозимини бажаришга киришган Владимир Норовни қабул қилди.

“Битта камар битта йўл” лойиҳаси Ўзбекистонни денгиз портларига олиб чиқади - Норов

Республика раҳбари Ўзбекистон вакилининг бундай юқори ва масъулиятли лавозимга тайинланишини тарихий воқеа деб атади. Халқаро ташкилот раҳбарлигига илк бор ўзбекистонлик тайинланди.

Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятига юқори баҳо берди, қатор чет эл давлатлари ва халқаро тузилмалар ШҲТ билан шериклик муносабатларини ўрнатишга қизиқиш билдиришаётганини қайд этди. У шунингдек, ташкилот доирасида улкан ҳали фойдаланилмаган ҳамкорлик потенциали мавжудлигига алоҳида эътибор қаратди.

Ўзбекистон ШҲТ билан хавфсизликни таъминлаш, савдо, иқтисод, инвестиция, траспорт коммуникациялари, туризм, қишлоқ хўжалиги ва минтақалараро ҳамкорлик соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришни ўзининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олган.

Президент, шунингдек, ШҲТ доирасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича изчил қадамлар амалга оширилаётганини қўшимча қилган. Масалан, Тошкентда ШҲТ халқ дипломатияси маркази таъсис этилган, Самарқандда "Ипак йўли" халқаро туризм университети ташкил қилинмоқда.

Мирзиёев Норовга фаолияти сермаҳсул кечишини ва ШҲТ бош котиби сингари масъулиятли лавозимда омадлар тилади.