Тошкент вилоятида милиция ходимига "калла қўйган" фуқаро қўлга олинди

Эркак МИБ ходими билан жанжаллашаётгани туфайли, милиция бўлимига чақирув қўнғироғи амалга оширилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 дек - Sputnik. Тошкентлик эркак хизмат вазифасини бажараётган профилактика инспекторига тан жароҳати етказганликда гумонланмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.

Аҳоли дебитор қарздорлиги кескин ошиб кетмоқда – МИБ директори ўринбосари

ИИВ хабарига кўра, 27 декабр куни Тошкент вилояти Паркент тумани ИИБ профилактика инспектори чақирув асосида "Навдак" маҳалласида яшовчи фуқаро М.С.нинг уйига борган.

Уй эгаси Мажбурий ижро бюроси ходими билан ўзаро жанжаллашаётгани сабабли, инспектор уни тартибга чақирган. Маҳалла фуқаролар йиғини идорасига олиб бормоқчи бўлганида, уй эгаси ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларига бўйсунмай, боши билан уни юзига уриб жароҳат етказган.

Натижада инспекторга касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилган.

Жанжалкаш хонадон соҳиби қўлга олинган, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.