Мирзиёев қатор давлат раҳбарларининг табригини қабул қилмоқда

Янги йил байрами арафасида Ўзбекистон раҳбарини табриклаб, ўзларининг эзгу тилакларини билдиришмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 дек – Sputnik. Давлат раҳбарлари бир бирларини кириб келаётган Янги йил билан табриклашмоқда, дея хабар қилди президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Россия Федерацияси раҳбари Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбарлари кириб келаётган Янги йил муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, ҳамкорликнинг қатор долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Марказий Осиё президентлари Янги йилни қандай кутиб олишади

Давлат раҳбарлари мамлакатлар ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидлаб, янги йилда Ўзбекистон ва Россия халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. 

Суҳбат чоғида давлат раҳбарлари кириб келаётган Янги йил байрами билан бир-бирини қутлади ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича истиқболли йўналишлар ва аниқ лойиҳаларни муҳокама қилдилар.

Мулоқот сўнгида давлат етакчилари янги 2019 йилда мамлакатларга тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт тилаб, халқларни яна бир бор самимий табрикладилар.