Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги либоси тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Германиянинг Jako компанияси билан шартнома имолаган ва ушбу шартномага кўра Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги - 2019 дан бошлаб янги либосларда майдонда тўп суриши белгилаб қўйилганди.
Sputnik

ТАШКЕНТ, 27 дек - Sputnik. Тошкентда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё Кубоги – 2019 ўйинларида фойдаланувчи янги либоси тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси хабар берди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Германиянинг Jako компанияси билан шартнома имолаган ва ушбу шартномага кўра Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги - 2019 дан бошлаб янги либосларда майдонда тўп суриши белгилаб қўйилганди. 

Бугун Миллий олимпия қўмитаси биносида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги либоси тақдимоти бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон футбол ассоциацияси Терма жамоалар департаменти директори Шарофиддин Ҳожиниёзов, Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олим Арифов, шунингдек, ЎФА мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.  Йиғилганларга миллий терма жамоамиз учун Jako компанияси томонидан тайёрланган янги формалар намойиш қилинди.

ЎФА Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олим Арифовнинг сўзларига кўра, миллий терма жамоа аъзоларига 116 хил либос ва аксессуарлар бепул тақдим қилинди. Етказиб берилаётган либослар ичида ҳар қандай об-ҳаво шароитида машғулот ўтказиш ва майдонда ҳаракат қилишга мўлжалланган либос ва аксессуарлар мавжуд. 

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги либоси тақдимоти бўлиб ўтди

“Jako компанияси билан 3 йиллик шартнома имзоланган бўлиб, Миллий терма жамоамиз Жаҳон чемпионати саралашида муваффақиятли қатнашса, шартнома муддати узайтирилади ва шартлари қайта кўриб чиқилади", - деди Олим Арифов.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги либоси тақдимоти бўлиб ўтди

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эктор Купер қитъа биринчилигида Ўзбекистон шаънини ҳимоя қиладиган футболчилар рўйхатини эълон қилганди. Қитъа биринчилиги 5 январь куни Бирлашган Араб Амирликларида бошланади. Ўзбекистон терма жамоаси 9, 13 ва 17 январь кунлари Уммон, Туркманистон ва Японияга қарши майдонга тушади.