Қуролли кучларда тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби белгиланди

Муддатли ҳарбий хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказишда уларнинг касаллиги аниқланганда уларга 30 суткадан 60 суткагача касаллик таътили берилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 дек - Sputnik. Президент қарори билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналида хабар қилинди.

Низомга мувофиқ, тиббий кўрикдан ўтказиш Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Президент Давлат хавфсизлиги хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус авария-тиклаш бошқармасида, ҳарбий хизматга тенглаштирилган хизматни ўташ назарда тутилган вазирлик ва идораларда амалга оширилади ҳамда тиббий кўрикдан ўтказиш учун тегишинча ҳарбий-тиббий комиссиялар ташкил этилади.

"Энг ҳазилкаш": ўзбекистонлик ҳарбийлар Москвадаги КВНда 2-ўринни қўлга киритди

Шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш қуйидаги вақтларда ҳамда қуйидаги фуқаролар орасида амалга оширилади:

- фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш вақтида;
- муддатли ва муқобил ҳарбий ҳизматга чақиришда;
- сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш вақтида;
- сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган фуқаролар;
- ҳарбий хизматга тенглаштирилган хизматга кираётган фуқаролар;
- ҳарбий хизматчилар;
- ҳарбий хизматга тенглаштирилган хизматни ўтаётганлар;
- ҳарбий таълим муассасаларига кираётганлар;
- мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказларига юборилаётганлар;
- ҳарбий йиғинларга чақирилаётганлар;
- ҳарбий йиғинларни ўтаётганлар, ўтаганлар;
- Қуролли Кучлар резерви ва заҳирасидагилар;
- шартнома бўйича хизматчиларнинг оила аъзолари;
- ҳарбий меҳнатнинг соғлик учун хавфли ва ўта оғир шароит билан боғлиқ мутахассислиги бўйича ишга тайинланаётган ёки ишлаётган ҳарбий хизматчилар;
- Ўзбекистондан ташқарига ўқишга юборилаётган шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар, курсантлар.
Фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш ҳамда муддатли ва муқобил ҳарбий ҳизматга чақиришда фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш вақтида фуқаролар узоқ муддатли тиббий текширувга муҳтож бўлса, ўн икки ойгача муддатга даволанишга муҳтожлиги тўғрисида хулоса чиқарилади.

Тиббий текширув якунлангач, фуқаро қайта тиббий кўрикдан ўтказилади.

Муддатли ва муқобил ҳарбий ҳизматга чақирилган ҳарбий хизматга вақтинча яроқсиз деб топилган фуқаролар тиббий текширувдан бош тортган ёки қочган ҳолларда олти ойдан сўнг қайта кўрикдан ўтказилади.

Муддатли ҳарбий хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказишда уларнинг касаллиги аниқланганда уларга 30 суткадан 60 суткагача касаллик таътили берилади.