Ўзбекистонлик ёш шахматчи сенсацион тарзда жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни мағлуб этди

Ўзбекистон шахматчилари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида шахматнинг блиц ва рапид йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этишмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 дек - Sputnik. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида шахматнинг блиц ва рапид йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатида қатнашаётган 16 ёшли Шамсиддин Воҳидов рапид йўналишидаги баҳсларнинг иккинчи раундида амалдаги жаҳон чемпиони, Магнус Карлсенни мағлубиятга учратди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.

Шамсиддин Воҳидов рақибининг қўпол хатосидан оқилона фойдаланган. Рақиби 36 юришда таслим бўлишга мажбур бўлган.

Баҳсларда бошқа шахматчилар Нодирбек Ёқуббоев россиялик Станислав Новиков билан ўйинда дурангга эришган бўлса, Нодирбек Абдусатторов испаниялик Лопес Иван Сальгадога имкониятни бой бериб қўйди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бу ўзбекистонлик шахматчилар 24 ноябрь – 2 декабрь кунлари Туркиянинг Конья шаҳрида ўсмирлар ўртасида Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида ғолиб бўлгандилар ва шу муносабат билан президент совғаси – “Spark” автомобиллари билан тақдирлангандилар.