Ўзбекистонда археологлар Буюк Хитой деворига ўхшаш деворни топишди

Экспедиция иштирокчилари бу тизимни шартли равишда “Буюк Бақтрия девори” деб аташмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 дек - Sputnik. Россия Фанлар академияси Археология институти ходимлари Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик институти ҳамкабслари билан биргаликда эрамиздан аввалги III асрга мансуб қадимги Бақтриянинг шимолий чегараларида кўчманчилар ҳужумидан ҳимояланиш учун чегараларни тўсиб турувчи ягона мудофаа иншоотлари тизими бўлганлигини аниқлашди, деб хабар қилди Археология институти матбуот хизмати.

Бақтрия Тожикистон, Ўзбекистон ва Афғонистоннинг чегарадош ҳудудларидаги тарихий вилоят. У Ҳиндикуш тоғи жануби ва Фарғона водийси шимолидаги ерларни ўз ичига қамраб олган. Афғонистон шимолидаги Бақтра шаҳри бу давлатнинг пойтахти бўлган.

Мисрда 4,4 минг тарихга эга мақбара топилди

Россия ва ўзбекистонлик мутахассислар Узундара қалъасини ўрганиш жараёнида у улкан мудофаа тизимининг бир қисми бўлганлигини исботлашди. 2018 йилги қазишма ишлари натижасида олимлар қалъанинг ички қўрғонини тўлиқ очишди ва унинг батафсил архитектура режасини тузишди. Қалъанинг қурилиши, ҳаёти ҳақида гувоҳлик қилувчи бой археологик материаллар топишган. Шунингдек, ҳужум оқибатида қалъанинг қулаганлигидан дарак берувчи материаллар олишган.

“Биз ноёб намуна олдик, бунинг устига бу биринчи ва ҳозирда Селевкидлар илк даврининг шарқий Эллин қалъасининг ягона намунасидир. Янги маълумотлар Узундара қалъаси ягона мудофаа иншоотлари тизимига кирганини тасдиқлашга имкон беради”, - деди экспедиция раҳбари Нигора Двуреченская.

Олимларнинг 2018 йилда тўплаган маълумотлари тоғлар табиий чегара вазифасини ўтагани, улар орасидаги йўллар эса бир-бири билан ягона тизимга боғланган қалъалар орқали назорат қилинганлигини исботлайди. Экспедиция иштирокчилари бу тизимни шартли равишда “Буюк Бақтрия девори” деб аташмоқда.