Тошкентда катта миқдорда контрабанда мобил телефонлари ушланди

Автомашина салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган жами 361 дона янги уяли телефон аппаратлари борлиги аниқланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 дек – Sputnik. Тошкентда савдо мажмуаларидан бирининг автотураргоҳида тўхтатилган автомашина ичида катта миқдорда контрабанда мобил телефонлари борлиги аниқланди, деб хабар қилди божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Хориж автомобилларидан божхона тўловларини ундириш тартиби юзасидан изоҳ берилди

Хабарда айтилишича, фуқаро М.Х. бошқарувидаги “Нексия-2” русумли автомашина кузатувга олиниб,  холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, автомашина салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган жами 361 дона янги уяли телефон аппаратлари борлиги аниқланди. 

Юк эгаси бўлган фуқаро М.Х. дастлабки ҳисоб-китобларга кўра қиймати салкам 567 миллион сўмни ташкил этган ушбу уяли телефон аппаратларига тегишли ҳеч қандай ҳужжатларни тақдим эта олмади.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.