ТОШКЕНТ, 20 дек - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 20 декабрь куни янги қабул қилинган солиқ сиёсати концепциясини амалиётга тўлиқ татбиқ қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, деб хабар қилди президент матбуот-хизмати.
Видеоселектор йиғилишида янги яратилган солиқ маъмуриятчилиги тизимини оқилона йўлга қўйиш учун амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб берилди.
2019 йил 1 январдан бошлаб, ходимлар сонидан қатъи назар, товар айланмаси 1 миллиард сўмдан юқори бўлган субъектлар умумбелгиланган солиқ тўловига ўтади.
"... ягона солиқ тўловчи билан умумбелгиланган солиқ тўловчилар ўртасида солиқ юкидаги фарқ ҳаддан ташқари юқори бўлиб, бу кичик бизнеснинг йириклашувини рағбатлантирмайди. Дунёга машҳур “Адидас”, “Найк”, “Индезит”, “Кнауф” каби брендлар ўз вақтида кичик оилавий корхона бўлган ва ушбу рағбат туфайли йирик компанияларга айланган. Ўзбекистонда қачон шундай йирик брендларга эга бўламиз?", - деб таъкидлаган Мирзиёев селектор йиғилиши давомида.
Умумбелгиланган солиқларни ҳисоблаш бўйича ҳудудий солиқ органлари ходимларининг малакаси ва амалий кўникмаларини ошириш, тадбиркорлик субъектлари бухгалтерларини бунга тайёрлаш кераклиги таъкидланган.
Солиқ тўловчилар юзага келадиган барча тушунмовчиликларга жавоб топиши учун "Савол ва жавоб" интернет саҳифасини ҳамда кечаю кундуз ишлайдиган "Колл центр"лар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Янги солиқ кодекси солиққа тортиш бўйича барча тартиб, механизм ва услубларни тўлиқ қамраб олиши, ҳамма учун тушунарли бўлиши керак. Бу ишлар адолатли ва рағбатлантирувчи солиқ тизимини яратиш бўйича қўйган биринчи қадамларимиздир, деб қайд этган давлат раҳбари.