Камилов Қирғизистоннинг янги элчисини қабул қилди

Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг кўп қирралилиги ва жадал ривожланаётганлиги, бунда марказий ўринни олий даражадаги мунтазам учрашувлар эгаллаётгани мамнуният билан эътироф этилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 дек – Sputnik. 2018 йил 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Қирғизистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланган Ибрагим Джунусовни қабул қилди, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Абдулла Ариповнинг Қирғизистонга ташрифи қандай ўтмоқда

“Ишонч ёрлиқлари нушасини топширишга бағишланган қисқа маросимдан сўнг Ўзбекистон – Қирғисизтон кун тартибининг муҳим масалалари бўйича суҳбат бўлиб ўтди”, - дейилган хабарда.

Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг кўп қирралилиги ва жадал ривожланаётганлиги, бунда марказий ўринни олий даражадаги мунтазам учрашувлар эгаллаётгани мамнуният билан эътироф этилди.

Таъкидланганидек, бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш ва ўзаро фойдага асосланувчи савдо-иқтисодий, инвестицион ва минтақалараро алоқалар давлатлараро мулоқотда муҳим ўрин тутади.

18 декабрь куни Ўш шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистоннинг чегарадош вилоятлари раҳбарлари билан Қирғизистон Ҳукуматининг чегарадош вилоятлардаги мухтор вакиллари кенгаши иккинчи йиғилишининг муваффақиятли якунлари ҳамда эришилган аниқ келишувлар томонларда ҳамкорликни кенгайтириш учун сезиларли салоҳият мавжудлигидан гувоҳлик беради.

ТИВдаги учрашувда баъзи халқаро ва минтақавий масалалар бўйича ҳам фикр алмашилди.