Лицензия ололмаётган Сан Жай Шавкат Мирзиёевга видео мурожаат тайёрлади

Хонанда "Ўзбекконцерт" директори ва мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевга видео мурожаат тайёрлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 дек – Sputnik. Қўшиқчи Сан Жай Facebookдаги саҳифасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва "Ўзбекконцерт" давлат уюшмаси директорига видео мурожаат тайёрлади.

Ҳар бир қўшиғимга жавоб бераман, сен эса соқолингни йиғиштир: San Jayга видеомурожаат

"Ҳурматли Одил ака (Ўзбекконцерт раҳбари, - таҳр.), сиз ўзингиз менга телефон қилдингиз. Келинг соқол билан бўлса ҳам, лицензия олишга ёрдам берамиз, деб айтдингиз. Мана бир ой вақт ўтди, менга ҳеч ким телефон қилмади. Мен телефон қилсам, трубкани ҳеч ким кўтармаяпти. СМС ёзсам жавоб бермайсиз. Тимати, Джейсон Деруло ва бошқа чет элдан келган артистлар концерт беришмоқда. Уларнинг қўшиқларида сўкинишли сўзлар ҳам бор. Лекин уларга ҳамма нарса мумкин. Менинг қўшиқларимнинг бирортасида сўкинишли сўзлар йўқ. Ҳаммаси цензура бўйича чиройли айтилган", - деган Сан Жай.

Қўшиқчи лицензия олиши сабабини "халқи, ватани учун хизмат қилиш ва солиқларни тўлаб, ҳеч кимдан қарз бўлмай бюджетни тўлдириш" дея изоҳлаган. Қўшиқчи президентдан лицензияни олишга ёрдам беришни сўраган.

"Ҳақиқат бўлишини жуда хоҳлаяпман, бошқа ҳеч нарса керак эмас. Мен ишламоқчиман, ўзбек халқини хурсанд қилмоқчиман. Яқинда бизнинг қўшиқларимизни бутун дунё тинглайди, агар озгина ёрдам берсангиз”, - деган хонанда.  

Кейинчалик, 19 декабрь куни Сан Жай ўз саҳифасида яна бир видеомурожаат жойлаштирди.

Унда Сан Жай “Ўзбекконцерт” раҳбари билан учрашганлиги ва лицензия масаласи ҳал бўлганлигини маълум қилди.

Ушбу масала бўйича қўшиқчи Сан Жай Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигини билдирди.

“Бир кун ҳам ўтмади, ҳамма нарса чиройли ҳал бўлди. Биз Ўзбекистон фуқаролари ҳаракат қилишимиз керак - бизнинг ватанимиз дунё миқёсида доим биринчи бўлиб, Ўзбекистон байроғи Америка, Европа ҳамма жойда биринчи ўринда туриши керак”, - деди қўшиқчи.

Шунингдек, у тез кунда "Ўзбекконцерт" бошчилигида реперлар учун конференция ўтказилишини маълум қилди.