Ёш ўзбекистонлик ўз ўлими олдидан видеотрансляция орқали "дардини ёрган"

Ўсмир кўп вақтини компьютер қаршисида ўтказган, ўша машъум кун - 16-декабр куни эса яқинлари ва дўстларисиз кўчада қолган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 дек – Sputnik. Ёш йигитча Москвада ўз жонига қасд қилди, мудҳиш ҳолат олдидан эса онлайн-трансляция олиб борган, деб хабар қилмоқда "Московский комсомолец".

Шахс ўз жонига қасд қилса, у яшайдиган ҳудуддаги психиатрия амбулаториясига хабар берилади

Ҳодиса 16-декабр куни Москванинг шарқий қисмида юз берган.

Ўсмир ўша машъум кунда спиртли ичимликлар истеъмол қилган, кечқурун эса кўпқаватли хонадонларнинг 16-қаватига кўтарилган ва ижтимоий тармоқ орқали тўғридан-тўғри видеоэфир олиб борган. Уни икки киши томоша қилган. Йигитча икки томошабинга "ҳаммаси жонига тегиб кетгани" ҳақида сўзлаб берган.

Томошабинлардан бири ўз шарҳида йигитчани бу ишдан қайтаришга ҳаракат қилган бўлса, иккинчиси, аксинча, унинг бу қарорини қўллаб-қувватлаган.

Онлайн-трансляция икки соатча давом этган, эфир охирида йигитча ўзининг сўнгги қадамини ташлаган.

Аниқ бўлишича, 14-яшар болакай тўлиқ оилада яшаган. Отаси - Ўзбекистон фуқароси (айни вақтда ватанида), онаси - РФ фуқароси (ўзбекистонлик) кассир бўлиб ишлайди. Ижтимоий хизмат ишчилари сўзларига кўра, бу оила тез-тез бир жойдан иккинчисига кўчади, Ўзбекистон ва Россия ўртасида қатнайди. Ўсмир оиладаги ягона фарзанд бўлган ва тез-тез мактабини алмаштириб турган.

Бўш вақтининг кўп қисмини компьютер қаршисида ўтказган.