Обид Асомов: қувноқлик образидаги жиддий инсон

Обид Асомов ўзбек қизиқчилик санъатида ўз мактабини яратган қизиқчи эди. У бу санъатга ўзининг услуби билан, ёниб кириб келди. Аввалбошданоқ бировга тақлид қилмади. Бирдан кўзга ташланиб, халқ меҳрини қозонди
Sputnik

Унинг "Обид А" театри томошалари, "Обид шоу" кўрсатуви ўз даврида халқнинг энг севимли томошаларидан эди. У қизиқчилик санъатига миллат учун оғир бўлган даврда келди ва ижтимоий, иқтисодий муаммолар гирдобида қолган халқнинг ҳаётига бироз бўлса-да ранг, ёруғлик олиб кирди. Бунинг учун биз Обид Асомовдан миннатдор бўлишимиз керак. У серташвиш, серғалва замонда халқни кулдириб, уни ҳаёт муаммоларидан чалғитди.

Энг оғир даврларда миллат кулгига эҳтиёж сезади. Даҳо қизиқчилар, юмористлар ҳам айнан серғалва замонда дунёга келади (Чаплин, Твен, Зощенко, Ильф, Петров, Жулқунбой). Асомовнинг чекига ҳам шундай тақдир тушган экан. Ўтиш даври ва қийинчиликлар замонининг тимсолига айланди. Айниқса, бугун, абадийлик сари сафар қилганда бу яққол англанади.

Мен шок ҳолатидаман: Петросян Обид Асомов вафоти ҳақида

Энди, ўзининг севимли соҳасини топиб, болалар учун ажойиб мультфилмлар яратишга бел боғлаганда, улкан-улкан режалар тузиб, уларни амалга ошириш учун бор кучини сарфлашга киришганда, афсуски, ҳаёт якунига етди... "Ризқ тугал бўлганда ҳаёт тугайди", деб битган эди файлусуф.

Афсус!!!

Ҳукумат Обид Асомовга ишонч  билдириб, ўзбек мультипликациясининг тақдирини ишониб топширган ва у енг шимариб буюк ишларга чоғланган эди. Уни таниган, билганларнинг маълум қилишича, бу соҳага у бутун борлиғини бағишлаган. Режалари катта эди. Йирик саройларда болаларни йиғиб, фильмлар тақдимотини ўтказаётган, энди бу тадбирларни доимий амалга оширишга ваъдалар берган эди...

Қизиқчи кўп мултфильмларга овоз берди, рассом сифатида чизилган фильмларни ёқтирарди. Доим болалар ёнида туриб, ўзи яратган фильмларни томоша қилишни, уларнинг қувончидан севиниб, уларга ёқмаган саҳналарни аниқлаб, келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймасликни истарди.

Кўпинча қизиқчидан муаммолар, камчиликлар, иллатларни фош этишни талаб қилишади, улардан шуни кутишади. Буям керакдир, балки, лекин бу бир қадар эски фикр. Қизиқчи муаммони очиши эмас, кулги орқали халқнинг кўнглини кўтариши, ҳаётини енгиллаштириши лозим. Қизиқчисиз ҳам ҳаётдан камчилик ва муаммо қидирган кўп... Обид Асомов ўз даврида саҳнага шу мақсадда чиққан ва бунга эришган ҳам эди.

Қизиқчи дор устидаги дорбозга ўхшайди. Биров ҳазилни ёқтиради, биров эса ёқтирмайди. Халқ орасида уларнинг гапларини ҳар хил талқин қилувчилар кўп. Обид Асомов ҳам шу каби ҳолатнинг "қурбони" бўлиб, анча пайт саҳнадан узоқлашди. Лекин халқ унга содиқлигича қолди. Уни унутмади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов вафот этди

Энди Обид Асомов билан бирга бутун бошли давр ҳам тарихга айланади... Бир қарашда унинг саҳнадан маълум муддат узоқлашганига кўниккандай эдик. Биляпмизки, ундай эмас экан. Биз унинг қайтишини билардик ва кутардик. Ва у қайтди...

Энди эса... Бироз оғир... Ахир биз учун Обид Асомов дегани фақат кулги, қувноқлик дегани-да... Унинг исм-шарифи айтилиши биланоқ ҳар кимнинг юзига табассум югурарди... Бугун нима бўлишидан қатъий назар, шундайлигича қолади.

Бир вақтнинг ўзида уни таниган, билганларнинг айтишича, Обид Асомов ҳаётда ўта жидддий, мулоҳазали, оғир-босиқ инсон бўлган. Ҳа, у бутун қувончни халққа улашиб, қайғуни юрагига йиғиб юрган экан. Биз эса билмаганмиз. Унинг ўзи ҳам бир-неча бор саҳнада туриб,  уни ҳеч ким жиддий қабул қиласлигини, ҳатто ёш болалар ҳам уни сенсираб "Обид... Обид..." деб ортидан югуришини бироз афсус билан айтган эди.

Биз билган Обид Асомов аслида образ эди... Уни билган, таниганлар шундай фикр билдиришади.

Энди айтсак бўлади: Обид Асомов ўта жиддий инсон эди.

Албатта, бутун бошли даврни бир қизиқчига боғлаш ғалати туюлади, лекин Обид Асомов ўз даврининг ажралмас бўлаги эди. Энди у билан бирга қизиқчи яшаган давр ҳам тарихга айланиб, биздан узоқлашиши янада тезлашади.