Қўл қовуштириб ўтирибсизми: Ниғматилла Йўлдошев учта вазирликка савол йўллади

Сенатор болаларнинг соғлиғи, ҳатто улар ҳаётига хавф соладиган, сурункали касалликларни келтириб чиқарадиган бу муаммони бартараф этиш бўйича Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари қандай ташаббус ёки талаб билан чиққанига қизиқди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 дек - Sputnik. Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларидаги таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари қониқарли эмаслиги аниқланди, деди Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев Ўзбекистон Олий мажлиси Сенатининг 17-ялпи мажлиси йиғилишида. 

Артикходжаев Юнусобод "райгаз" раҳбарини мажлис залидан нега қувиб юборди?

"Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари боришини ўрганиш ва мавжуд камчиликларни ҳал этишда кўмаклашиш мақсадида, жойларда бўлганимизда, ижтимоий, хусусан, таълим ва соғлини сақлаш муассасаларидаги аҳволни яхшилаш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тегишли вазирлик ва идораларга таклифлар, зарур пайтда кўрсатмалар ва амалий ёрдамларни ҳам мунтазам бериб келдик. Бироқ, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларида ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатди-ки, мазкур ҳудудлардаги 167та мактаб мўрили чўян ва қўлбола печкалар билан иситилмоқда", - деди сенатор.

Йўлдошев "бошқа вилоятларда ҳам аҳвол бундан яхшироқ эканлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди", дея қўшимча қилди.

Сенатор болаларнинг соғлиғи, ҳатто улар ҳаётига хавф соладиган, сурункали касалликларни келтириб чиқарадиган бу муаммони бартараф этиш бўйича Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари қандай ташаббус ёки талаб билан чиққанига қизиқди.

"Агар бундай ташаббуслар мисол учун, молия вазирлигига киритилган бўлса, бу вазирлик қандай чораларни кўрди? бу ҳолат эртага мудҳиш оқибатларни келтириб чиқармаслигига ким бугун кафолат беради?", - дея вазирликларга савол билан мурожаат этди Сенат раиси.

Йўлдошев, шунингдек, ис газидан заҳарланиш ҳолатлари бўйича хабарлар тез-тез тарқалаётганини эслатиб ўтди.