Швеция қироли Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни олқишлади

Ўзбекистоннинг Швециядаги элчиси Набижон Қосимов Швеция Қироли Карл XVI Густавга ишонч ёрлиғини топширди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 дек — Sputnik. Қирол Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни олқишлади, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Швеция ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистоннинг бой тарихий ва меъморий мероси, шунингдек, ўзбек халқининг ноёб маданияти ва анъаналарини инобатга олган ҳолда, сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболли бўлиши мумкин.

“Суҳбат чоғида Қирол Карл XVI Густав 1978-йилда рафиқаси Қиролича Силвия билан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига ташрифини жуда мамнуният билан эслади. Ушбу сафар Ўзбекистон тўғрисида энг илиқ ва ёрқин хотиралар ҳамда гўзал қадимий Самарқанднинг чуқур таассуротлари билан ёдларида қолганлиги қайд этилди”, - дейилган хабарда.

Ўзбекистон элчиси Саудия Арабистони қиролига ишонч ёрлиқларини топширди

Ишонч ёрлиқларини топшириш маросимидан сўнг Швеция Ташқи ишлар вазирлигининг савдо масалалари бўйича бош директори Теппо Тауриаинен, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича депортаменти директори ўринбосари Мартина Куик, шунингдек, Швеция инвестиция ва савдога кўмаклашиш агентлиги ““Business Sweden”, “Ericsson”, “Scania”, “Jambo Tours”, “TEMA” компаниялари ва “Silc” ноҳукумат ташкилоти вакиллари билан алоҳида учрашувлар ўтказилди.

Учрашувларда кўп қиррали икки томонлама шерикликни, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестицион ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг аниқ масалалари муҳокама қилинди.

Швеция компаниялари делегациясининг 2019 йил феврал ойида Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.