МИБ электр энергиясини етказиб беришга доир янги ҳужжат лойиҳасини тайёрлади

Янги қарор лойиҳасига электр энергиясини етказиб бериш, транспортировка қилиш, тақсимлаш ва сотишдаги йўқотишларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом илова қилинган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 дек – Sputnik. Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан тайёрланган “Электр энергиясини етказиб бериш, транспортировка қилиш, тақсимлаш ва сотишдаги йўқотишларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” идоралараро қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Тожикистон Ўзбекистонга қанча электр энергия етказиб берди

Ҳужжатга электр энергиясини етказиб бериш, транспортировка қилиш, тақсимлаш ва сотишдаги йўқотишларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом илова қилинган.

Низомда айтилишича, “Ўзбекэнерго” АЖ ҳар ойда бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасидаги тафовут мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни Мажбурий ижро бюросига тақдим этади.

Тақдим этилган маълумотлар асосида Бюро ҳудудий электр тармоқлари корхоналари билан биргаликда тафовутнинг вужудга келиш сабабларини аниқлаш бўйича белгиланган тартибда чоралар кўради.

Низомда тафовут мавжудлигини аниқлаш тартиби ва уни бартараф этиш қоидалари баён этилган.

Бензин, газ ва электр энергияси қанчага қимматлашди

Хусусан, тафовутни бартараф этиш юзасидан МИБ ва электр тармоқ корхоналари ходимлари истеъмолчилар билан, биллинг дастурига киритилган кўрсаткичлар асосида тўлиқ ҳисоб-китобни амалга оширади.

Истеъмолчилар билан ҳақиқий кўрсаткичлар асосида ҳисоб-китоб қилиш ва амалдаги тарифлар тўғри қўлланилишини доимий назорат қилади. Шунингдек, амалга оширилган ҳисоб-китоблар асосида юридик истеъмолчиларга тўлов талабномалари юборилади.

Шу билан бирга, истеъмолчиларнинг ҳисобга олиш приборлари, кучланиш, ток трансформаторлари алмаштирилган тақдирда бу хақдаги маълумотларни ўз вақтида биллинг дастурига киритиб борилади.

Қарор лойиҳаси Иқтисодиёт, Молия вазирликлари ҳамда Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси имзоланади.

Ҳужжат лойиҳаси 27 декабрга қадар муҳокама қилинади.