Хорижий сармоялар бозорида Ўзбекистоннинг асосий рақиби ким?

Ҳар қандай инвестор маблағ киритиш учун жой қидирганда у бирор ҳудуддаги мамлакатлар орасида танлов ўтказади. Бу маънода Марказий Осиёда Ўзбекистоннинг асосий рақиби бу - Қозоғистон, деди Ортиқхўжаев.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 дек - Sputnik. Бугун дунёда ҳар бир доллар инвестиция учун қаттиқ кураш кетаяпти, деди Тошкент шаҳар ҳокими ва сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаев сенат мажлисида, Sputnik мухбири хабарига асосан.   

- Молия вазири томонидан тақдим этилган жадвалда Ўзбекистон солиқ тизими Латвия, Венгрия Франциядан афзал эканлигини кўрсатилди. Лекин ҳар қандай инвестор маблағ киритиш учун жой қидирганда у бирор ҳудуддаги мамлакатлар орасида танлов ўтказади, - деди Ортиқхўжаев.

"Марказий Осиё ҳудудида халқаро инвестициялар учун Ўзбекистоннинг асосий рақиби бу – Қозоғистон, деб ўйлайман. Қозоғистон билан солиштирганда бизнинг солиқ ставкалар рақобатни ютқазиб қўймасмикан?", - деб савол берди Жаҳонгир Ортиқхўжаев. 

сенатор айтишига қараганда, Қозоғистонда даромад солиғи 10 % , Ўзбекистонда - 12 %. Қозоғистонда қўшилган қиймат солиғи 12 %, Ўзбекистонда - 20 %.

Хорижий компаниялар “Tashkent City”га 1,3 миллиард доллар сармоя киритишга тайёр

Молия вазири Жамшид Қўчқоров, ушбу саволга жавоб бераркан халқаро инвестициялар учун рақобат фақат солик ставкалари билан ўлчанмаслигини, балким киритилган капиталга даромад қайтиш кўрсатгичи ва бошқа кўплаб мезонлар ҳисобга олинишини таъкидлади. 

Агар сармоя хом ашё соҳасида бўлса, хом ашёга эҳтиёж миқдори, агар сармоя тайёр маҳсулот соҳасида бўлса - ички бозорнинг катталиги ва экспорт бозорларга кириш имкониятлари ҳисобга олинади. Ундан ташқари, Ўзбекистонга келаётган сармоядорлар бир қатор солиқлардан озод қилинган, - деди вазир.

Шу билан бир вақтда Жамшид Қўчқоров ҳар бир ишнинг ўз вазифасини борлигини ва ҳадеб солиқларни қисқартиравериш ҳам яхши натижаларга олиб келмаслигини таъкидлади.

Вазир фикрига кўра, солиқларнинг асосий вазифаси бу инвестиция  жалб қилиш эмас, балким мамлакатдаги муҳим ижтимоий ва сиёсий масалаларни ҳал қилиш.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон охирги йил давомида сармоялар жалб қилиш билан фаол шуғулланмоқда. Ушбу мақсадда Республика қонунчилигига сармоядорларни рағбатлантирувчи турли имтиёзлар киритилган. Ундан ташқари Тошкентда ва вилоятларда доимий равишда инвестицион форумлар ташкил қилиб келинмоқда.