ДХХга ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган “сохта полковник” қўлга олинди

Ҳозирда Маҳмараим Жабборов ва Дилшод Рўзметовга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 дек – Sputnik. ДХХ ходимлари томонидан фирибгарлик ва товламачилик билан шуғулланган икки нафар фуқаро қўлга олинди, деб хабар берилди "Ўзбекистон 24" телеканали томонидан тайёрланган видео лавҳада.

Қайд этилишича, фирибгар маҳаллий фуқаролардан бирига ўзини Мудофаа вазирлигининг махсус операциялар бўлими полковниги Махмараим Жабборов, деб таништириб, келгусида Давлат хавфсизлик хизмати идораларига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилади ва бунинг эвазига саккиз минг доллар сўрайди.

Фирибгар Қамаши туманидаги ошхоналарнинг бирида талаб қилинган саккиз минг доллардан тенг ярмини олаётган вақтда ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

Тезкор тадбир давомида фирибгарнинг ёнидан Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги махсус операциялар бўлими, полковник Жабборов Маҳмараим Саломович номига берилган қалбаки хизмат гувоҳномаси топилган.

Хабарда, шунингдек, ўзини ДХХ ходими дея таништириб, одамлар ишончига кирган ва ҳокимият идоралари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиб бериш эвазига фуқароларнинг пулини олиш билан шуғулланган хивалик 39 ёшли Дилшод Рўзметовнинг ҳам ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйилгани таъкидланган.

Аниқланишича Дилшод Рўзметов бир неча фуқарога ер участкалари ажратиб берилишида ёрдамлашишни ваъда қилиб, улардан жами 100 минг доллардан ортиқ пул олган.

Ҳозирда Маҳмараим Жабборов ва Дилшод Рўзметовга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 211-моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.