Ўзбекистонлик Сабина Ташкенбаева халқаро мусобақада олтин медални қўлга киритди

8-9 декабрь кунлари Таллин шаҳрида бадиий гимнастика бўйича “Christmas cup” халқаро турнири бўлиб ўтди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 дек – Sputnik. Ўзбекистонлик Сабина Ташкенбаева “Christmas cup” халқаро мусобақада олтин медални қўлга киритди, деб хабар қилди Миллий олимпия қўмитаси.

Хабарда айтилишича, 8-9 декабрь кунлари Эстония пойтахти Таллин шаҳрида бадиий гимнастика бўйича “Christmas cup” халқаро турнири бўлиб ўтди.

Мусобақада 9 мамлакатдан 341 нафар спортчи иштирок этди.

Турнир якунига кўра ўзбекистонлик Сабина Ташкенбаева барча йўналишлар – кўпкураш, ҳалқа, копток ва тасма билан машқларда олтин медалга эга чиқди.

Мусобақада шунингдек, бошқа бир ўзбекистонлик Екатерина Фетисова ҳам иштирок этди ва булава билан машқларда шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди.

Жамоавий машқларда эса Ўзбекистон спортчилари учта кумуш медални (кўпкураш ва 2 финал) қўлга киритишди.