Лионель Месси 15 миллион еврога хусусий самолёт сотиб олди

Лионель Месси Испания ва Аргентина орасида парвоз қилиш учун 15 миллион еврога самолёт сотиб олди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 дек – Sputnik. “Барселона” футбол жамоаси капитани  Лионель Месси 15 миллион еврога самолёт сотиб олди, деб хабар қилмоқда Аргентина ОАВлари.

Хабарда айтилишига кўра, Месси ушбу самолётни Испаниядан Аргентинага бориб келиб туриш учун харид қилган. "Gulfstream V" самолётида 4 экипаж аъзоси ва 16  та йўловчи олиши мумкин. Хусусий самолёт ичида ванна ва овқатланиш хоналари бор. Айни дамда самолёт Буэнос-Айрес шаҳри аэропакида турибди.

Месси хоҳишига кўра, самолётнинг дум қисмида унинг ўйин рақами "10" ва зинапояларида Мессининг рафиқаси ва болаларининг исмлари ёзилган.

​“Gulfstream V” турдаги самолётлар Gulfstream Aerospace компанияси томонидан дастлаб 1995 йилда ишлаб чиқарила бошлаган.  Самолёти  иккита реактив двигатели билан жиҳозланган бўлиб, унинг учиш узоқлиги 12 000 км, учиш баландлиги 16 км гача етиши мумкин.