Дрон, виски ва оёқ қисмига скотчлаб яширилган телефонлар: божхона текшируви

Фуқаро бел ва оёқ қисмларига скотчлаб яширилган ҳолда 48 дона уяли алоқа воситаларини республикага олиб кираётганида тўхтатиб қолинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 дек – Sputnik. Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан тақиқланган ёки сифати кафолатланмаган товарларни ноқонуний йўллар билан олиб киришга бўлган бир нечта ҳолатлар аниқланди, деб хабар қилди божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Секс-ўйинчоқлар, колбаса, ўргимчак: йўловчилар багажида топилган энг ғалати нарсалар

Жумладан “Яллама” чегара божхона постига “Нексия” русумли автотранспорт воситасида кириб келган З.А. исмли фуқаронинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганда, тегишли рухсатномаларсиз олиб кирилиши тақиқланган ҳамда белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган нархи 5,3 млн. сўмлик 1 дона учувчисиз учиш аппарати, 1 дона электрошокер, 14 шиша коньяк ва вискиларни ноқонуний равишда республикага олиб кираётгани аниқланди.

“Ғишткўприк” чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган Х.Т.нинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганида эса оғзаки сўровда тақдим қилинмаган ҳамда тегишли  меъёрдан ортиқча бўлган қиймати 6,8 миллион сўмлик 19 турдаги, 342 дона кўзойнакларни яшириб олиб кириш ҳолати аниқланди.

"Мазкур пост ходимларида шубҳа уйғотган яна бир фуқаро А.Ш.  холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ҳамда оғзаки сўровда тақдим қилинмаган, бел ва оёқ қисмларига скотчлаб яширилган ҳолда қиймати 2,4 миллион сўмлик 48 дона уяли алоқа воситаларини республикага олиб кираётганида тўхтатиб қолинди", - дейилган хабарда.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текшируви олиб борилмоқда.