ТОШКЕНТ, 3 дек – Sputnik. “Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” буйруқ лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Лойиҳага кўра, халқ табобати усулларини қўллаш билан амалга ошириладиган тиббий фаолият шифокорлар ва халқ табобати бўйича мутахассислар томонидан Соғликни сақлаш вазирлиги тасдиқлайдиган тиббий фаолият амалга ошириладиган тиббий ихтисосликлар турлари номенклатураси асосида амалга оширилади.
Халқ табобатининг эътироф этилган усулларига қуйидаги гуруҳлар киради:
Биринчи гуруҳ – инвазив (тери бутунлигининг бузилиши билан боғлиқ)
усулларни қўлловчи ҳалқ табобати: акупунктура, су-джок терапия, хижома.
Иккинчи гуруҳ – ноинвазив усулларни қўлловчи ҳалқ табобати:
мануал терапия, акупрессура.
Учинчи гуруҳ – биологик инвазив воситаларни қўлловчи ҳалқ табобати: гомеопатия, гирудотерапия, апитерапия.
Тўртинчи гуруҳ – парҳез ва ўсимлик воситаларини қўлловчи ҳалқ табобати: фитотерапия, очлик билан даволаш.
"Халқ табобати усулларини қўллаш орқали тиббий хизмат кўрсатиш фаолияти билан халқ табобати бўйича ихтисослашувдан ўтган ёки тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат берилган махсус халқ табобати усуллари бўйича курсларни тугатган шифокорлар ҳамда одам анатомияси, физиологияси, фармакология, лаборатория ва инструментал диагностика, шунингдек биринчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг амалий кўникмалари бўйича махсус ўқув курсини тугатган шахслар шуғулланишлари мумкин", - дейилган буйруқ лойиҳасида.
Халқ табобати усулларини қўллаш орқали тиббий хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун шахсларнинг тиббиёт уқув муассасаларида ташкил этилган махсус ўқув курсларини ўташлари мақсадга мувофиқлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссиянинг хулосаси асосида белгиланади.
Халқ табобати усулида хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тиббий фаолиятни лицензиялаш учун белгиланган тартибда (тиббий таълим маълумоти мавжудлиги талаби бундан мустасно) амалга оширилади.