ТОШКЕНТ, 2 дек - Sputnik. Москва шаҳрида спорт журналистикасига бағишланган «Энергия побед» VIII Бутунроссия фестивал-танлови бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик Анвар Ильясов учинчи ўринни қўлга киритди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси.
Хабарда айтилишига кўра, ўзбекистонлик фотожурналист Анвар Ильясов танловнинг"Рус тилида фаолият олиб борадиган хорижий ОАВдаги энг яхши фоторепортаж" йўналиши бўйича учинчи ўринни қўлга киритган.
Танловнинг 1 ўрини "Spacesuit Media" фотоагентлиги вакили Сергей Саврасовга, иккинчи ўрин "Франс-Пресс" ахборот агентлиги ходими Кирилл Кудрявцевга берилган.
Ушбу танлов Россия Миллий олимпия қўмитаси, Россия спорт журналистлари федерацияси ва «Газпром» компанияси томонидан ташкил этилган.
Маълумот учун, Анвар Ильясов 40 йилдан буён фотожурналистика соҳасида фаолият олиб боради. 2000 йилдан бошлаб у 5 та Олимпиада, 5 та Осиё ўйинларида фотосуратчи сифатида ишлаган. Шунингдек, дзюдо, спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатлари, футбол учрашувларида спортчиларимизнинг турли ҳолатлари, қувончли онлари акс этган суратларни тарихга мухрлаган.
Анвар Ильясов ушбу танлов учун жўнатилган суратлардан баъзиларини қуйида томоша қилишингиз мумкин.