Тошкентда Аджу университети ташкил этилди

2020–2021 ўқув йилларида талабаларга улар Университетни тамомлагунига қадар Давлат бюджети ҳисобидан контракт суммасининг республикадаги бошқа давлат ОТМларида тегишли таълим йўналишларида ўқитиш қиймати миқдоридан ортиқ қисмини тўлаб бериш кўринишида давлат кўмаги тақдим этилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 дек - Sputnik. Тошкент шаҳрида Аджу университетини ташкил этиш тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди, деб хабар берилди телеграммдаги "Ҳуқуқий ахборот" каналида.

Янги ўқув йилидан ОТМ шартнома тўловлари ЭКИҲда ўлчанади

Қарорга кўра, қуйидагилар университет фаолиятининг асосий йўналишларидан этиб белгиланди:

мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг истиқболларига мувофиқ қурилиш, архитектура, электротехника, иқтисодиёт соҳаларида ва бошқа талаб юқори бўлган таълим йўналишлари бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш;

таълим ва илмий-техникавий соҳаларда хорижий мамлакатлар, аввало, Корея Республикасининг етакчи таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

Университетга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Аджу университети (Корея Республикаси) томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади.

Университетда ўқишни тамомлаган битирувчиларга Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган Аджу университетининг (Корея Республикаси) белгиланган намунадаги дипломи берилади. 

Бундан ташқари, қарор билан қуйидагича тартиб белгиланди: 

2019–2020 ва 2020–2021 ўқув йилларида ўқишга қабул қилинган талабалар – Ўзбекистон фуқаролари учун улар Университетни тамомлагунига қадар Давлат бюджети ҳисобидан контракт суммасининг республикадаги бошқа давлат олий таълим муассасаларида тегишли таълим йўналишларида ўқитиш қиймати миқдоридан ортиқ қисмини тўлаб бериш кўринишида давлат кўмаги тақдим этилади, контракт юридик шахслар – салоҳиятли иш берувчилар томонидан тўланиши ҳоллари бундан мустасно; 

АҚШда Ўзбекистонлик талабалар сони ошмоқда

давлат кўмаги тақдим этилган Университет битирувчилари республиканинг давлат ташкилотларида ихтисослиги бўйича камида уч йил ишлаб бериш шарти билан ишга тақсимланади. 

Қарор билан Тошкент шаҳридаги Аджу университети Васийлик кенгашининг таркиби тасдиқланди ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланди. 

Университетда 2019–2020 ўқув йилида бакалавриатнинг "Архитектура", "Электротехника" ва "Қурилиш инжиниринги" таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади. 

Шунингдек, Ўзбекистон Банк-молия академиясида Аджу университетининг магистратура мутахассисликларида бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Иқтисодиёт ва бизнес олий мактаби очилади.

Университетга 2020–2021 ўқув йилидан бошлаб кўп тармоқли клиника, илмий-тадқиқот лабораториялари ва диагностика марказига эга тиббиёт факультетини белгиланган тартибда очишга рухсат берилди.