Хоразм “Лазги”си ЮНЕСКО маданий мероси рўйхатига киритилиши мумкин

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси ва Ташқи ишлар вазирлигига тегишли топшириқни берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Ўзбекистон бутун  дунёга машҳур бўлган Хоразм “Лазги”сини “Хоразм рақси – Лазги” номи остида ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритмоқчи. Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг  “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида келтириб ўтилган.

Шунингдек, Буюк ипак йўлининг Ўзбекистондан ўтган қисмини “Ипак йўли: Зарафшон дарёси воҳаси” ва “Ипак йўли: Фарғона – Сирдарё ҳавзаси” номи остида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Хивадаги "Ичан қалъа" мажмуаси, маданиятлар чорраҳаси -  Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабзнинг тарихий марказлари, шунингдек, Чотқол биосфераси ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. 

Шошмақом, Бойсун маданий макони, Катта ашула, аския, ош, Наврўз, атлас ва адрас ишлаб чиқариш технологиялари ташкилотнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.