Шавкат Мирзиёев Шовот туманидаги тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди

Хоразм вилоятидаги “Katqal’a teks” корхонаси йилига 70 миллион жуфт, қиймати 30 миллион долларлик пайпоқ тайёрлаш қувватига эга.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 ноя - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёв Хоразм вилоятига сафари доирасида Шовот туманидаги “Katqal’a teks” корхонасига ташриф буюрди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев икки йил муқаддам Uztex компаниялар гуруҳига Шовот туманида юқори технологик имкониятларга эга мазкур корхонани ташкил этиш ва маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш юзасидан топшириқлар берган эди.

Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ҳолат билан жойида танишиш мақсадида Хоразмга жўнаб кетди

Лойиҳа қиймати 65 миллион доллар бўлган корхона фаолияти икки босқичда ташкил этилди. 2017 йилда амалга оширилган дастлабки босқичда Италиянинг “Лонати” компаниясида ишлаб чиқарилган 528 та, жорий йилда яна 512 та пайпоқ тўқиш дастгоҳи харид қилинди. 

Бугунги кунда корхонада турли ўлчамдаги аёллар, эркаклар ва болалар пайпоқлари ишлаб чиқарилмоқда. Йилига 70 миллион жуфт, қиймати 30 миллион долларлик пайпоқ тайёрлаш қувватига эга қўшма корхонада ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ инновацион технологиялар асосида бошқарилади. Ўтган йили корхонада 5,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ички бозорга йўналтирилди. Жорий йилдан тўла қувват билан ишлай бошлаган корхонада октябрь ойи ҳолатига кўра 12,5 миллион жуфт пайпоқ тўқилди. 3,85 миллион долларлик маҳсулот АҚШ, Россия, Молдова, Украина каби қатор мамлакатларга экспорт қилинди.

Шу ерда Хоразм вилоятида тўқимачилик саноатини ривожлантириш, “Dererlop Textile” МЧЖ томонидан “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида енгил саноат мажмуаси ташкил этиш, Шовот туманида аралаш ва пахта ип-калава ишлаб чиқариш бўйича янги йигирув фабрикаси қуриш, Урганч шаҳрида “Textile finanse Horezm” МЧЖ томонидан тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, Тошкент вилояти Паркент туманида Uztex Заркент санаторийсини барпо этиш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев енгил саноат тармоғини жадал ривожлантириш,  маҳсулот экспортини кенгайтириш, қўшимча даромад манбалари ва иш жойини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.