ТОШКЕНТ, 28 ноя – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни БМТ собиқ Бош котиби, бугунги кунда Яшил тараққиёт глобал институти ассамблеяси ва Халқаро Олимпия қўмитасининг Этика бўйича комиссияси раҳбари Пан Ги Мунни қабул қилди, деб хабар қилмоқда ЎзА.
Пан Ги Мун Ўзекистонга Нукусда бўлиб ўтган Оролбўйи ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш масалалари ҳамда бу жараёнда корейс диаспорасининг ролига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этиш учун мамлакатимизга келган.
Шавкат Мирзиёев Пан Ги Муннинг бутун дунёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга, замонавий глобал таҳдид ва хатарларга қарши курашишга қўшган хизматларини алоҳида таъкидлади ва Орол фожиасининг салбий оқибатларини бартараф этиш масалаларига қаратишга қўшган шахсий ҳиссасини юксак баҳоланди.
Бўлиб ўтган учрашувда Орол денгизи минтақасида устувор лойиҳаларни амалга оширишда халқаро институтлар ва ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Хусусан, Ўзбекистон президентининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги траст жамғармасини ва Оролбўйи халқаро инновация марказини ташкил этишга оид таклифлари тўлиқ қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, 2018-2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган Оролбўйи ҳудудида ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, экологик муаммоларни бартараф этиш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини ривожлантириш, инфратузилмани такомиллаштириш каби саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.
Ундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Пан Ги Мун давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишларни юксак баҳолади.