Ўзбекистон парламенти аъзолари Назарбоев билан учрашди

Мулоқот чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларини янги босқичга кўтариш, иқтисодий ҳамкорликни томонларнинг мавжуд салоҳияти даражасига олиб чиқиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 ноя - Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Президент Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни янада ривожлантиришда халқларимизнинг азалий қардошлик алоқалари, энг асосийси, президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсат борасида яқин қўшнилар билан муносабатларни тобора яхшилашга устувор аҳамият бераётгани муҳим роль ўйнаётганини таъкидлаб ўтди.

Назарбоев: ўзбек-қозоқ муносабатларининг янги босқичини кузатмоқдамиз

"Бугун ўзаро муносабатларимиз яхши босқичда турибди. Биз Шавкат Мирзиёев билан йилига бир неча бор учрашяпмиз ҳамда иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик соҳасидаги зарурий масалаларни муҳокама қиляпмиз. Мамлакатларимиз ўртасида имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувларда ҳамда уларнинг ижросини таъминлашда икки давлат парламентлари муҳим ўрин тутади", - деб айтган Назарбоев.

Ўз навбатида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов самимий қабул учун Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга миннатдорлик билдирар экан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қайноқ ва самимий қутловини етказди. Кейинги икки йил мобайнида Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этди.

Самимий мулоқот чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларини янги босқичга кўтариш, иқтисодий ҳамкорликни томонларнинг мавжуд салоҳияти даражасига олиб чиқиш, бу борада, айниқса, парламентлараро алоқаларни янада кучайтиришга доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.