Жума намозларида аёлларни эъзозлаш ҳақида гапирилади - диний қўмита вакили

Абулхасан сўзларига кўра, қўмита томонидан "Аёлни эъзозлаган дин" деб номланган китоб нашрдан чиқарилган ва бу китобнинг тақдимоти барча диний таълим муассасаларида ташкил қилинади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 ноя – Sputnik. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Нуриман Абулхасан Тошкентда ўтказилган доира суҳбати давомида республика миқёсида жума намозларида аёлларга эҳтиром масаласида гапирилади, дея таъкидлади, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Ўзбекистонда илк бор "зўравонликка қарши 16 кун" акциясига старт берилди

“Дин ишлари бўйича қўмитасини энг ташвишга соладиган томон шундан иборатки, биз 15 асрга яқин Ислом динида тўхтамасдан ижод қилаётган, шу билан бирга, динни бутун дунёга тараннум этувчи халқ сифатида танилганмиз. Бугун биз аёлларга нисбатан зўравонлик тўғрисида гапирилган вақтда, бир мунча уялиб гапиришимиз керак. Чунки Ислом дини дин бўлиб нозил бўлганда, аёлларга ҳурмат шунчалик юқори, мисли кўрилмаган даражага кўтарилган”, - деб таъкидлади раис ўринбосари.

Абулхасан сўзларига кўра, қўмита томонидан "Аёлни эъзозлаган дин" деб номланган китоб нашрдан чиқарилган ва бу китобнинг тақдимоти барча диний таълим муассасаларида ташкил қилинади.   

“Халқаро Ислом академиясида алоҳида давра суҳбатини ташкил қиламиз. Шу келаётган жума куни барча жоъме масжидларида аёлларнинг ҳақлари нимадан иборатлиги, уларга муносабат қандай бўлиши кераклиги тўғрисида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб борамиз. Келгусида “Аёлни эъзозлаган дин” китоби рус ва қорақалпоқ тилига ҳам таржима қилиниши режалаштирилган”, - деб қўшимча қилди Нуриман Абулхасан.