Ўзбекистоннинг беш вилоятида замонавий божхона терминаллари қурилади

“Ягона дарча” тамойили асосида божхона, банк, логистика, тезкор-лаборатория, фитосанитар, ветеринар санитар-эпидемиологик, экологик, сертификатлаштириш ва бошқа хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 ноя – Sputnik. Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди.

Хавфни бошқариш тизимини яратдик - божхона қўмитаси раиси

Фармонга кўра:

- 2019–2020 йилларда “Яллама” ва “С.Нажимов” (Тошкент вилояти), “Дўстлик” (Андижон вилояти), “Олот” (Бухоро вилояти);

- 2020–2021 йилларда “Доут-ота” (Қорақалпоғистон Республикаси), “Маданият” (Андижон вилояти), “Ўзбекистон” (Фарғона вилояти), “Ғишткўприк” ва “Ойбек” (Тошкент вилояти) божхона постлари ҳудудларига туташ жойларда замонавий божхона терминаллари, шу жумладан давлат-хусусий шериклик  асосида қурилади.

“Ягона дарча” тамойили асосида божхона, банк, логистика, тезкор-лаборатория, фитосанитар, ветеринар санитар-эпидемиологик, экологик, сертификатлаштириш ва бошқа хизматларни кўрсатиш божхона терминалларидаги давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг асосий функциялари ҳисобланади.