Ўзбекистон пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари тасдиқланди

Монетар сиёсатнинг 2019 йил ва 2020-2021 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари тасдиқланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 ноя  — Sputnik.  2018 йил 24 ноябрда Ўзбекистон Марказий банки Бошқарувининг очиқ йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Монетар сиёсатнинг 2019 йил ва 2020-2021 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари кўриб чиқилди ва тасдиқланди.

Иш ҳақи ўзгариши ва янги иш ўринларини яратиш - Марказий банк

Ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсатининг муҳим вазифалари сифатида инфляция даражасини пасайтириш ва инфляцион таргетлаш режимига ўтиш учун асос яратиш, шу жумладан пул-кредит сиёсати инструментлари ва трансмиссион механизмларини ривожлантириш каби вазифалар белгилаб олинди.

Пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари дастурий ҳужжат ҳисобланиб, у жорий макроиқтисодий ҳолат ва ташқи иқтисодий вазият таҳлили, шунингдек ташқи ва ички шароитларнинг ривожланиш прогнозлари асосида ишлаб чиқилган.

Мазкур ҳужжат ўз ичига, ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсатининг мақсад ва тамойиллари, пул-кредит соҳасида амалга оширилган ишлар таҳлили ва кутилаётган натижалар, макроиқтисодий ривожланиш сценарийлари ҳамда ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсати инструментларини такомиллаштириш чораларини қамраб олган.

Аввалги йиллардан фарқли равишда жорий йилда асосий йўналишлар келгуси 3 йиллик давр учун ишлаб чиқилиб, унда иқтисодиётнинг ривожланиши сценарийлар асосида кўриб чиқилди. Асосий сценарийга кўра келгуси йилларда иқтисодий ривожланиш тенденцияларининг давом этиши ва ташқи шароитларнинг сезиларли даражада ўзгармаслиги ҳамда солиқ соҳасида ва таркибий ислоҳотлар борасида босқичма-босқич кутилган натижаларга эришилиб борилиши назарда тутилган. Муқобил (хатарли) сценарийда эса, ташқи иқтисодий шароитларнинг ёмонлашуви ва амалга ошириладиган таркибий ислоҳотларнинг секинлашуви тахмин қилинган.

Иқтисодиёт ривожланишининг асосий сценарийсига асосан ЯИМ ўсиш суръати 2018 йил якунига кўра 5,2 фоиз, 2019 йилда эса 5,4 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда. Ўтган ва жорий йилларда инвестицион фаолликнинг ошиши ҳамда иқтисодиётнинг реал секторида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида кейинги йилларда иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини янада тезлашиши кутилмоқда.

Марказий банк қайта молиялаш ставкаси 16 %гача ошди

Асосий сценарийдаги кўра йиллик инфляция даражасининг прогноз кўрсаткичлари 2018 йилда 16-17 фоизни, 2019 йилда 13,5-15,5 фоизни ва 2020 йилда 10-12 фоизни ташкил этади. 2021 йилдан бошлаб йиллик инфляция даражаси бир хонали кўрсаткичгача пасайиши кутилмоқда.

Ўрта муддатли истиқболда инфляцияни келтириб чиқарувчи асосий омиллар инвестицион фаолликнинг ошиши натижасида иқтисодиётда вужудга келадиган юқори талаб ва тартибга солинадиган нархларнинг либераллаштирилиши бўлиши кутилмоқда. Бунда, давлат корхоналарини ислоҳ қилиниши (хусусийлаштириши) доирасида иқтисодиётга капитал қўйилмалар ҳажмининг ўсиши кейинги йилларда инвестицион фаолликни рағбатлантирувчи асосий омил бўлади.

Асосий сценарийда солиқ ислоҳотларининг самарали амалга оширилиши, “бюджет қоидаси”нинг амалиётга жорий этилиши, фискал ва монетар сиёсатларнинг мувофиқлигини такомиллаштирилиши ҳамда иқтисодиётни кредитлаш ҳажмининг ўсиш суръатларининг мақбуллаштирилиши (2019 йилда 25 фоиз) кўзда тутилган.

Муқобил сценарийда эса, ташқи ва ички шароитларнинг ёмонлашуви ҳамда таркибий ислоҳотларнинг кутилган натижа бермаслиги ҳисобига 2019 йилда инфляция даражасининг 17-18 фоизгача ўсиши кутилмоқда.

Иккала сценарийда ҳам Марказий банк пул-кредит сиёсатини юритишда эҳтиёткорона ёндашувдан фойдаланиб, пул-кредит шароитларини бир маромда қатъийлаштириб боришни кўзда тутмоқда. Бунда, муқобил сценарийда янада қатъийроқ чоралардан фойдаланилади.