ТОШКЕНТ, 23 ноя – Sputnik. Тадбирда нутқ сўзлаган Тожикистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Зариф Ализода келажакда Марказий Осиё омбудсменларининг форуми ташкил қилиниши мумкинлигини таъкидлади. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар қилди.
Омбудсмен сўзларига кўра, бугунги форум барча Марказий Осиё давлатлари, айниқса Ўзбекистон ва Тожикистон учун катта аҳамиятга эга, чунки мамлакатлар сўнгги пайтларда яқиндан ҳамкорлик қилмоқда, жумладан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида.
“Тожикистонда бизнинг ўзбек биродарларимиз яшашади, Ўзбекистонда кўп тожиклар ҳаёт кечиришади. Шунинг учун биз ўз ҳамкорлигимизни йўлга қўймоқчимиз. Истиқболда давлатлараро бирлашма ҳақида айтиш мумкин бўлади. Биз ҳозир буни дастлаб МО омбудсменлари форуми деб атадик”, - деди вакил.
Зариф Ализода давлатлар ҳамкорликни мустаҳкамлаш кераклиги, чунки бирлашма келажакда жаҳон миқёсидаги умумий масалаларга Ўзбекистон ва Тожикистон келишилган ҳолда ёндашишига кўмак бериши мумкинлигини таъкидлади.