Маиший чиқиндилар учун тўлов: МИБга қўшимча вазифа юклатилди

Кейинги йилдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар аҳоли томонидан ягона транзит банк ҳисобварақларига тўланади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 ноя – Sputnik. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ 2019 йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловлар тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш Мажбурий ижро бюроси томонидан амалга оширади.

2019 йил 1 январдан бошлаб:

- қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар аҳоли томонидан ягона транзит банк ҳисобварақларига тўланади ва ушбу тўловлар кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг махсус ғазна ҳисобварақларига ўтказилади;

Тошкентда маиший чиқиндиларни олиб чиқиш нархи 7%га кўтарилади

- махсус ғазна ҳисобварақларида жамланган маблағлар фақатгина хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар ҳақини марказлашган тартибда тўлашга, санитар тозалаш марказлари ва Санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмаси фаолиятини молиялаштиришга, чиқиндилар билан боғлиқ инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилади;

- жисмоний шахслар томонидан чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар олти ойдан ортиқ тўланмаган тақдирда Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан қарздорликни ундириш тўғрисидаги аризалар судларга киритилади.

Бундан ташқари фармон билан Давлат экология қўмитаси ҳудудий органлари ҳузурида санитар тозалаш хизматлари ташкил этилиб, уларнинг вазифалари белгилаб берилди.