Шавкат Мирзиёев Tashkent City бизнес маркази қурилишини кўздан кечирди

Президент Tashkent Cityда қурилаётган объектларнинг ҳар бир деталига эътибор бериб, уларнинг дизайни ва қулайликлари бўйича кўрсатмалар берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 ноя – Sputnik. Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Tashkent City халқаро бизнес маркази қурилишини яна бир бор кўздан кечирди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.

Хабарада айтилишига кўра, Tashkent City қурилиши, президентнинг аввалги ташрифлари чоғида берилган кўрсатмалар асосида, жадал кетмоқда. Бу ерда бизнес марказлар, меҳмонхоналар, конгресс-хол, офислар, кўп қаватли уйлар, ресторанлар ва бошқа объектлар еттита лотга ажратилган ҳолда бунёд этилмоқда. 

“Шавкат Мирзиёев беш юлдузли меҳмонхонада қуриладиган хоналар, заллар намуналари билан танишиб, уларнинг ҳар бир деталига эътибор қаратди ва дизайни ҳамда қулайликлари бўйича кўрсатмалар берди. Хоналар ёруғ ва баҳаво бўлиши, уларни безашда одамларнинг кайфиятини кўтарадиган, очиқ ранглардан фойдаланиш кераклигини таъкидлади”, - дейилган хабарда.

Шунингдек президент олий даражадаги учрашувлар, халқаро анжуманлар ўтказиш учун қурилаётган конгресс холлни халқаро стандартлар асосида йирик делегацияларни қабул қилиш учун зарур қулайликлар билан яратиш бўйича топшириқлар берди.