Шавкат Мирзиёев Швейцарияга ташриф буюради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Швейцарияга ташрифини ташкиллаштириш ва уни муваффақиятли ўтказишдан томонлар манфаатдор эканлиги тасдиқланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 ноя – Sputnik. 2018 йил 19 ноябрь куни Берн шаҳрида Ўзбекистон-Швейцария сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди, деб хабар қилди ТИВ ахборот хизмати.

Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов, Швейцария Конфедерацияси делегациясига Федерал ташқи ишлар департаменти давлат котиби ўринбосари Кристина Марти Ланг бошчилик қилди.

Музокараларда сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик ҳолати ва уни фаоллаштиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Швейцарияга ташрифини ташкиллаштириш ва уни муваффақиятли ўтказишдан томонлар манфаатдор эканлиги тасдиқланди.

Швейцария компанияси Тошкентда беш юлдузли меҳмонхона қуради

Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий, инвестиция ва молия соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзаро савдода товар ва хизматлар турларини кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, икки давлат бизнес вакилларини ҳамкорликка кенг жалб этишга томонлар тайёр эканлиги таъкидланди. Шу ўринда келгуси йилнинг биринчи ярмида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 8-мажлисини ўтказиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Учрашувда минтақавий ва халқаро муаммоларнинг муҳим жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Шу куннинг ўзида Швейцария Федерал мажлиси Миллий кенгашининг халқаро парламентлараро алоқалар хизмати раҳбари Клаудия Фишер, Федерал молия департаменти давлат котиби Йорг Гассер ва Швейцария ташқи сиёсат идорасининг сув масалалари бўйича янги тайинланган махсус элчиси Гай Бонвин билан музокаралар ўтказилди.