Янги қарор: инвесторларга ерлар аукционсиз берилади

Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун, истисно тариқасида, ер участкалари ажратилишининг алоҳида тартиби белгиланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 ноя – Sputnik. 2018 йил 19–21 ноябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестиция форумини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, форумни ўтказиш доирасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун, истисно тариқасида, ер участкалари ажратилишининг алоҳида тартиби белгиланди.

Бунда:

- туризм инфратузилмаси объектларини қуриш учун инвесторга аниқ инвестиция мажбуриятлари остида ер участкаларини электрон аукцион ўтказмасдан ажратиш;

АҚШ Россияга қараганда Ўзбекистонга кўпроқ инвестиция киритмоқчи

- барча зарур шартлар, шу жумладан, ажратилаётган ер участкаси ва инвестор томонидан бажарилиши лозим бўлган инвестиция мажбуриятлари бўйича маҳаллий давлат органи раҳбари ва инвестор ўртасида келишувга эришилган тақдирда лойиҳани амалга ошириш тўғрисида инвестиция битимининг имзоланиши;

- инвестор томонидан Ўзбекистоннинг тижорат банкларига 15 иш куни мобайнида инвестиция битими суммасининг 25 фоизи миқдоридаги маблағни депонентга ўтказиш ёки 5 фоизи миқдоридаги мажбуриятни бажариш кафолатини (performance bond) бериш шарти билан инвестиция битими тузилиши назарда тутилган.

Инвестор томонидан пул маблағлари депозитга ўтказилган ёки молиявий мажбуриятларни бажариш бўйича кафолат берилган кундан эътиборан беш кун муддатда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ҳокимликлар ер участкасини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилади.