Шавкат Мирзиёев Мўйноқ аҳолисига қандай қилиб пул ишлаш мумкинлиги ҳақида маслаҳат берди

Давлат раҳбари шаҳарда эчкичиликни ривожлантириб, эчки жунидан кундалик эҳтиёж товарларни ишлаб чиқишни йўлга қўйишни таклиф қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 ноя - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пайшанба куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.

Шавкат Мирзиёев Нукус аэропортини кўздан кечирди

Мирзиёев Нукус халқаро аэропортини кўздан кечирди, мамлакатнинг энг шимолий ҳудуди – Мўйноқ шаҳри лойиҳалари билан танишиб чиқди. Шунингдек, ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш хусусида ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Мўйноқда чорвачилик, айниқса, эчкичиликни ривожлантириш ҳам мумкин. Эчки ташқи муҳитга яхши мослашади, озуқа танламайди. Унинг жунидан кундалик эҳтиёж товарлари тайёрлаб сотиш хотин-қизлар учун иш ўрни бўлади”, - дейилган давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, давлат раҳбари ҳудудда қамишдан бозорбоп қурилиш материалларини тайёрлаш корхоналарини ташкил этишга топшириқ берди. Ушбу корхоналар ёшларни иш билан таъминлаши мумкин.

Шунингдек, президент фикрича, балиқчиликни ривожлантириш, балиқни қайта ишлаб сотиш оилалар даромад олишга ёрдам беради.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 2019 йилда Мўйноқ туманида яна кўплаб - саноат соҳасида 12 та, қишлоқ хўжалигида 5 та, хизмат кўрсатиш бўйича 14 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.