“Малика” савдо мажмуасида текширув: ноқонуний сотилаётган техника воситалари аниқланди

Тошкентда савдо мажмуасида ўтказилган рейд давомида сал кам 8 минг дона уяли алоқа телефонлари аниқланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 ноя – Sputnik. Давлат солиқ қўмитаси ходимлари “Малика” савдо мажмуасида рейд ўтказишди, деб хабар қилди UzNews Давлат солиқ қўмитасига асосланган ҳолда.

Бош прокуратура солиқ ва божхона органлари фаолияти устидан назоратни кучайтиради

Хабарда айтилишича, жорий йил 13 ноябрь куни “Малика” савдо мажмуасида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида 13 нафар фуқаро тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, чет элда ишлаб чиқарилган ва республикага яширин йўллар орқали олиб кирилиб, ҳеч қандай ҳужжатларсиз маиший техника савдоси билан шуғулланаётганлиги аниқланган.

 Ушбу фуқаролар истеъмолчилар ҳуқуқларини қўпол равишда бузиб, сифат сертификатига эга бўлмаган товарлар савдоси ҳамда соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатган ҳолда, давлат бюджети олдида мажбуриятларни бажармай, умуман солиқларни тўламаган.

Назорат тадбири давомида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан ноқонуний равишда савдога қўйилган умумий қиймати қарийб 308 миллион сўмлик 66 та маиший техника воситалари, 7,8 мингта уяли алоқа ва аксессуарлар “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси”нинг 176-моддасига асосан масала қонуний ҳал бўлгунига қадар вақтинчалик олиб қўйилди.