Ўзбекистон миллий терма жамоаси Австралияга етиб борди

Бугун кечқурун "CBUS Super Stadium" ўйингоҳида машғулот ўтказиши режалаштирилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 ноя - Sputnik. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эктор Купер бошчилигида Австралиянинг Брисбен шаҳрига етиб келди ва ўқув машғулот ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар қилди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Австралиянинг Брисбен шаҳрида 11-21 ноябрь кунлари ўқув машғулот ўтказади. Шунингдек, Ливанга қарши 15 ноябрь куни, Жанубий Кореяга қарши эса - 20 ноябрь куни ўртоқлик ўйинида майдонга тушади.

“Бугун, 13 ноябрь куни Эктор Купер бошчилигидаги футболчиларимиз Сеул - Брисбен йўналиши бўйлаб деярли 10 соат давом этган парвоздан сўнг Австралияга етиб келишди” – дейилган хабарда.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Австралияга етиб борди

Футболчилар Голд Костдаги "Hilton Surfers Paradise" меҳмонхонасига жойлашган. Бугун кечқурун "CBUS Super Stadium" ўйингоҳида машғулот ўтказиши режалаштирилган.

Терма жамоа бош мураббийи Эктор Купер 24 та футболчини жамоага чақирган. Аммо уч нафар футболчи жароҳати туфайли Брисбендаги йиғинда ва Ливан ҳамда Жанубий Кореяга қарши ўртоқлик ўйинларида қатнаша олмайди. Булар - терма жамоа сардори, Хитой "Шанхай СИПГ" жамоасида тўп сурувчи Одил Аҳмедов ҳамда "Пахтакор" футболчилари Фаррух Сайфиев ва Жасур Яхшибоев. 

Шунингдек, "Пахтакор"нинг яна бир аъзоси Жалолиддин Машарипов дисквалификация туфайли ўртоқлик ўйинларида қатнаша олмайди. Шунга қарамай, Эктор Купер Машариповни Австралияга олиб кетишга қарор қилган. Чунки Машарипов расмий ўйинларда майдонга туша олади. Бош мураббийнинг истеъдодли ярим ҳимоячидан умиди катта бўлиб, Жалолиддин Машарипов 2019 йил январда бўлиб ўтадиган Осиё Кубогида жамоага ёрдам бериши учун мураббий шундай қарорга келган.

Эслатиб ўтамиз, Осиё Кубоги Бирлашган Араб Амирликларида келаси йил 5 январдан 1 февралигача бўлиб ўтади. Ўзбекиситон терма жамоаси F гуруҳида Япония, Уммон ва Туркманистон билан майдонга тушади.