ТОШКЕНТ, 12 ноя - Sputnik. Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Парижда Биринчи Жаҳон уруши якунланишининг 100 йиллигига бағишланган тантаналарда Германия канцлери билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Учрашувда Ангела Меркель ГФР Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтириш нияти борлигини хабар қилган.
“Муносабатларимизнинг бугунги ҳолати ва келажаги ҳамда халқаро ва ҳудудий кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистон раҳбари билан учрашувимизни сабрсизлик билан кутаяпман”, - деди Ангела Меркель.
Германия канцлери айтишига қараганда, Шавкат Мирзиёевнинг бўлажак ташрифи икки мамлакат орасида дўстлик ришталарини ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратади ва икки томонлама муносабатларнинг янги саҳифасини очади.
Эслатиб ўтамиз, 7-8 ноябрь кунлари Абдулазиз Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Германияда бўлиб, у ерда бир неча учрашувлар ўтказган эди. Учрашувлар чоғида жумладан Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилнинг январь ойида Германияга режалаштирилаётган ташрифи ҳам муҳокама қилинган эди.