Украина журналист Охунжоновни Ўзбекистонга топширишни рад этиб, унга сиёсий бошпана берди

Украина бош прокуратураси журналист Нарзулло Охунжоновни Ўзбекистонга экстрадиция қилинишини рад қилди. Ўзбекистонда у фирибгарликда айбланмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Журналист Нарзулло Охунжонов Ўзбекистонга экстрадиция қилинмайди. Бу ҳақда Amnesty International Ukraine директори Оксана Покальчук Facebookдаги саҳифасида маълум қилди.

Ўзбекистон Украина санкцияларига қарши қандай чоралар кўриши мумкин?  

“1951 йил Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенциянинг 33-моддаси, 1993 йил Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва  ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенциянинг 19-моддаси  талаблари асосида, <…> Сизда Ўзбекистон Республикасидан қочоқ мақомингиз бўлгани учун қарор қабул қилинди”- дейилган Украина бош прокуратураси жавоб хатида.

Охунжонов Украинада 2017 йил 20 сентябрда, Туркиядан Украина пойтахти Киевга оиласи билан учиб келганидан сўнг ҳибсга олинган эди. Охунжоновнинг ҳибсга олинишига унинг Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилгани асос бўлган. Бунга сабаб фирибгарлик бўйича айблов бўлди.

Журналист ҳибсда бир ойга яқин вақт бўлди. Ҳозирги вақтда у Украинада қочоқ мақомини олган.

Бундан аввал Россия жуда кўп миқдорда фирибгарликда айбланган фуқарони Ўзбекистонга топширди. Ушбу жиноят учун энг оғир жазо – 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш.