Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбоси лойиҳаси ишлаб чиқилди

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида тузилган ишчи гуруҳ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тақдим этди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда лотин алифбосига асосланган янги ўзбек алифбоси лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Халқ таълими вазири: Ўзбекистон лотин алифбосидан воз кечмоқчи эмас

ЎзА берган маълумотга қараганда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида тузилган Ишчи гуруҳ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси янги версиясини тақдим этди.

Экспертлар амалдаги алифбо давлат тилининг товушларини тўлиқ акс эттирмайди деган фикрга келишди.

Экспертлар тўртта ҳарф (O‘, G‘, Ch, Sh) ни ислоҳ қилиш шарт деб ҳисоблашди ва ушбу тўрт ҳарф ўрнига  (Çç Şş Ŏŏ Ğğ) ни миллий алифбога киритиш фикрини бир овозда маъқуллашди.

ng товушига тўхталадик бўлсак, ушбу товушга араб алифбосида ҳам, кирилл-ўзбек алифбосида ҳам, амалдаги лотин алифбосида ҳам яхлит ҳарф ажратилмаган. Бу ҳарф бирикмаси алифбода фақат кичик ҳарфлар билан ифодаласа, мантиқан тўғри бўлади деган фикрлар билдирилган.

Шундай қилиб, 28 та ҳарф, битта ҳарф бирикмаси ва битта белгидан иборат, жами 30 бирликдан ташкил топган алифбо лойиҳа жамоатчилик диққатига ҳавола қилинган.

Ишчи гуруҳ хулосасининг тўлиқ мазмуни билан шу манзилда танишиб чиқишингиз мумкин.