Афғонистонлик аёл-вазир: патриархал анъаналардан воз кечиш учун вақт керак

Афғонистоннинг аёллар масалалари бўйича вазири Дилбар Назарий Тошкентдаги анжуманда шарқ мамлакатларида аёллар ва эркаклар тенглиги масаласига қандай ечим топиш мумкинлиги хусусида гапирди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 ноя - Sputnik. Эркаклар аёллардан устун деган стереотиплар ҳали мавжуд бўлган мамлакатларда патриархал анъаналардан воз кечиш учун вақт керак бўлади, деди журналистларга Тошкентда ўтказилган халқаро анжуманда Афғонистоннинг аёллар масалалари бўйича вазири Дилбар Назарий.

Ходжаева: Ўзбекистон аёллари - бу улкан кучдир

Сиёсатчи Афғонистонда кечаётган демократик жараёнларда аёллар муҳим роль ўйнаётганини, хусусан, мамлакатда аёл вазирлар сони 4 нафарни ташкил этишини, Парламент(Шўрои миллий)нинг қуйи палатаси(қуйи жирға)да аёллар иштироки 32%ни, юқори жирғада 27%ни, давлат бошқаруви тизимида 26%ни, ҳарбий соҳада 1%ни ташкил этишини айтиб ўтди.

Вазирнинг таъкидига кўра, афғон аёллари стереотипларни енгиб ўтиб, мамлакатни модернизация қилиш йўналишида бормоқда. Патриархал анъаналардан воз кечиш учун эса вақт талаб этилади.

"Бу учун кўп имкониятлар ва ресурслар керак бўлади. Халқга модернизация йўлини танлашга имкон қолдириш керак. Ва биз ўзбек аёллари билан ҳамкорликни кенгайтиришга ва ўзаро тажриба алмашишга тайёрмиз", - деб қайд этди Назарий.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги "International Hotel Tashkent" меҳмонхонасида Инсон ҳуқуқлари Бутунжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 70-йиллиги муносабати билан "Мамлакатнинг демократик янгиланиши ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт" мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Норбоева сиёсат ва аёллар, зўравонликка қарши қонун ҳамда ўзгараётган никоҳ ёши ҳақида

Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган конференцияда дунёнинг 30 га яқин давлатидан халқаро аёллар институтлари вакиллари, сиёсат, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаол бўлган аёллар иштирок этди. Конференция гендер тенглик, аёлнинг давлат бошқарувидаги роли ва имкониятлари, аёллар бандлиги ва тадбиркорлиги, аёлларни ижтимоий ҳимояси масалалари муҳокама этилди.

Халқаро миқёсдаги мазкур конференцияни ўтказишдан асосий мақсад халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистон аёлларининг жамият ва давлат бошқарувидаги давлат сиёсатининг истиқболли йўналишлари билан таништириш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий йўналишдаги роли борасида халқаро тажрибани ўрганишдан ҳамда келгусида ҳаётга тадбиқ этишдан иборат.