Қўқонда биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтади

Келажакда Ҳунармандчилик фестивали доимий равишда ҳар икки йилда бир марта бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 ноя — Sputnik. 2019 йилнинг 10-15 сентябр кунлари Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтади. Ушбу ҳақида Шавкат Мирзиёев тегишли қарорни имзолади, деб хабар қилмоқда ЎзА.  

Ушбу фестиваль доирасида қатор тадбирлар ташкил қилиш режалаштирилган:

  • Қўқон шаҳридаги марказий майдоннинг ён атрофида ҳунармандчилик санъатига оид турли кўргазмалар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадимий ҳунармандчилик дастгоҳлари ва маҳсулотларини яратиш жараёнлари, ҳунармандчиликка оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва уларнинг сотуви ташкил этиш;
  • Фестиваль дастури ишлаб чиқилишини ва унинг Фестивалдан уч ой аввал туристик ташкилотларга тақдим этилишини, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилиши;
  • Фестиваль доирасида миллий либослар кўргазмали чиқишлари, аския ва қизиқчилар, фольклор ва дорбозлик жамоаларининг томоша дастурлари намойиш этилиши;
  • Фестивалнинг туризм календарь режасига киритилишини ҳамда хорижий сайёҳларни Фестивалга жалб қилиш чоралари кўрилиши ва бошқа тадбирлар.  

Келажакда Ҳунармандчилик фестивали ҳар икки йилда бир марта бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Фестиваль Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги иштирокида ташкил қилинади.

“Ушбу фестивалнинг асосий мақсади - ўзбек халқининг  тарихи ва маданий ҳаётини кенг ёритиш, ўзбек миллий ҳунармандчилигини намойиш қилиш, маданий-гуманитар алоқаларни халқаро миқёсда кучайтириш, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунармандчилик мактабларини сақлаш ва қайта тиклашдир”, - дейилган қарор матнида.

Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ташкилий қўмита томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда 50 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан, 50 фоизи – Фарғона вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши кўзда тутилган.

Президент қарорининг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.