Ўзбекистонда ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари ташкил этилади

Тематик хиёбонлар фаолияти 2018−2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида йўлга қўйилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 ноя - Sputnik. Ўзбекистон Ҳукумати мамлакатда "Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари"ни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги "Ҳуқуқий ахборот" канали орқали хабар берилди.

Шавкат Мирзиёев: Ўқитувчини ҳурмат қилмаган раҳбарни мен ҳурмат қилмайман

Қарор билан "Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари"нинг концепцияси тасдиқланган. Концепция хиёбонларни ривожлантириш ва унинг доимий фаолиятини ташкил этишнинг қуйидаги асосий йўналишларини назарда тутади.

Масалан: инфратузилма ва моддий-техник базани такомиллаштириш; таълим ва маърифий фаолиятни ривожлантириш;

маданий-маънавий дам олиш хизматларидан кенг фойдаланиш; болалар учун кўнгилочар майдончалари ташкил этиш;

аждодлар томонидан тўпланган тарихий ва маданий тажриба жамият аъзоларининг индивидуал ва умумий ривожланиши учун зарур шарт эканлигини жамоатчилик онгига сингдириш.

Тематик хиёбонлар фаолияти 2018−2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида йўлга қўйилади.

Мазкур хиёбонларда ўқитувчи ва мураббийларнинг сиймосини акс эттирувчи, уларнинг нуфузини оширувчи монументлар, кутубхоналар, илмий-маърифий бинолар, музейлар ёки кичик кўргазма заллари ва бошқа кўнгилочар объектлар ташкил этилади.

Хиёбонларнинг намунавий лойиҳасини ишлаб чиқиш Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.