Россиядаги ўзбекистонликлар диққатига: қайси консулликка мурожаат этишни билиб олинг

ТИВ хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси консуллик бўлими вақтинча Волга бўйи, Шимолий-Кавказ ва Жанубий федерал округларига хзмат кўрсатади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 ноя - Sputnik. Ўзбекистон ТИВ расмий сайтида Россия Федерацияси ҳудудидаги Ўзбекистон Республикасининг янги бош консулхоналари консуллик округлари тўғрисида хабар чоп этилди.

ТИВ Консуллик бошқармасига мурожаатлар сони икки бараварга ошди

Хабарга кўра, Москва шаҳридаги Элчихонанинг консуллик бўлими Марказий федерал округга хизмат кўрсатади.

Шунингдек, Санкт-Петербургдаги Бош консулхона - Шимоли-ғарбий федерал округ; Новосибирскдаги - Сибир федерал округига; Владивосток шаҳридаги - Узоқ Шарқ федерал округига; Екатеринбургдаги Бош консулхона - Урал федерал округига; Қозон шаҳридаги Бош консулхона Волга бўйи федерал округига; Ростов-на-Дону шаҳридаги Бош консулхона Шимолий-Кавказ ва Жанубий федерал округига бириктирилган.

ТИВ ахборот хизмати шунингдек, Владивосток, Екатеринбург, Қозон, Ростов-на-Дону шаҳарларидаги бош консулхоналар томонидан консуллик ҳаракатлар амалга оширилмаётгани сабабли зарур ташкили масалалар ҳал этилгунга қадар Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси консуллик бўлими Волга бўйи, Шимолий-Кавказ ва Жанубий федерал округларига, Новосибирск шаҳридаги Бош консулхона эса Узоқ Шарқ ва Урал федерал округларига ҳам хизмат кўрсатишини маълум қилган.

Таъкидланишича, ҳар бир консулхонанинг тўлиқ фаолият юритиши бошланиши тўғрисида қўшимча тарзда маълум қилинади.