Siemens Ўзбекистонда бир неча йирик лойиҳаларда иштирок этади

Siemens холдинги делегацияси 29-дан 31-октябр кунлари Ўзбекистонга ташрифи буюрган эди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 ноя - Sputnik. “Siemens” компанияси вакиллари Ўзбекистонга бўлган ташриф доирасида маҳаллий компаниялар ва идоралар билан учрашувлар ўтказиб, транспорт ва энергетика соҳаларидаги лойиҳаларни муҳокама қилишди, деб хабар қилмоқда холдинг матбуот хизмати.

“Ўзбекистон темир йўллари” раҳбари билан локомотивларни етказиб бериш, темир йўлларни ва саралаш станцияларини автоматизация қилиш лойиҳаларини муҳокама қилинди. Бундан ташқари, “Siemens” делегацияси "Ўзбекнефтгаз" ва "Ўзбекэнерго" компаниялари билан ҳам музокалар олиб борди.

Хусусан, Тошкент, Талимаржон ва Сирдарё ИЭСларни модернизация қилиш ва кенгайтириш лойиҳасида иштирок этиши, мамлакатнинг электр тармоқ хўжалигида Smart Grid,  технологияларидан фойдаланиш имкониятини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, тарафлар Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Орипов билан мулоқот чоғида энергетика, транспорт, саноат ва бошқа секторларда умумий лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтишди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва “Siemens” компанияси орасида кенг кўламли лойиҳалар бўйича ҳамкорлик қилиш ўтган йилнинг ноябр ойида бошланган эди. Ўшанда соғлиқни сақлаш, иситиш энергетика комплекси, шаҳар инфратузилмаси (“ақлли шаҳар” концепцияси) соҳасида технологик шерикчилик тўғрисида шартномалар имзоланганди.