ТОШКЕНТ, 31 окт – Sputnik, Дилшода Раҳматова. Терроризм таҳдиди тобора ошаётгани бутун дунё ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга солмоқда, деди чоршанба куни Тошкентда ўтказилган ШҲТ МАТТ йиғилишида ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов.
"Халқаро экспертлар фикрига кўра, 2018 йилнинг 9 ойи давомида дунёда 1550та террорчилик актлари содир этилган. Уларнинг 40 фоизи ўқ-отар қуроллар ва портловчи моддалар ёрдамида амалга оширилган, 24 фоиз ҳолатларда автомобил бомбаларидан фойдаланилган. Тажовузларнинг ярмидан кўпи толиблар ва “Ислом давлати” деб номланувчи уюшма жангарилари томонидан шафокаш Афғонистонда амалга оширилган”, - деди ШҲТ Бош котиби ва инсонийликка тамомила зид ҳар бир акт ортида – жабр кўрган бегуноҳ инсонлар, майиб тақдирлар, барбод қилинган бино ва иншоотлар ётибди, дея қўшимча қилди.
Алимов шунингдек, бир йил олдин Остонада ўтказилган учрашувда ШҲТга аъзо мамлакатлар раҳбарлари халқаро терроризмга биргаликда қарши курашиш ҳақидаги баёнотларида, айниқса, бутун дунёда террорчилик ташкилотлари фаоллашуви билан боғлиқ бўлган таҳдидлар даражаси ортаётганидан қаттиқ ташвиш билдиришганини эслатиб ўтди.
"ШҲТ мамлакатлари етакчилари, бу ҳолат Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳудудида ҳам зиддият ошишига олиб келиши мумкинлигини қайд этган эдилар", - деди Алимов.
ШҲТ Бош котиби шунингдек, ШҲТ МАТТ террорга қарши қаратилган ҳаракатларни тизимли асосда олиб бораётгани, ШҲТга аъзо мамлакатлар фуқаролари нормал, тинч ҳаёт кечиришлари учун барча сайи-ҳаракатлар амалга оширилаётганини айтиб ўтди.