Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев бўшатилди: прокуратура текширув ўтказади

Мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича яна бир ҳужжат қабул қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 окт - Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти 2018 йил 29 октябрь куни барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслик борасидаги жавобгарлигини ошириш тўғрисида фармойиш қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

"Ариқдаги олтовлон" кимлиги аниқланди

Ушбу фармойишга мувофиқ, ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис Мирзаев Зойир Тоирович Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилди.

"Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига қишлоқ хўжалиги ишлари чоғида йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан текшириш ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларига мажбурий меҳнатнинг барча шакл ва кўринишларига барҳам беришга қаратилган чора-тадбирларни самарали амалга ошириш бўйича топшириқлар берилган", - дейилган хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Facebookдаги "Халқ билан мулоқот" гуруҳида фойдаланувчилардан бири ариқ ичида тиззисигача сувга ботган ҳолда қўлида дафтар ва ручка ушлаб турган 6 нафар эркак кишининг фотосуратини жойлаштирган эди. 

Оққўрғон воқеасида айбдор бўлганлар жавобгарликка тортилади – Бош прокуратура

Ушбу ҳолат Тошкент вилояти Оққўрғон тумани, "Абдуносир Ғулом" фермер хўжалиги майдонида юз берганлиги маълум бўлди.

Бош Прокуратура бу ҳолат юзасидан изоҳ берди.

“Қатъий айтишимиз мумкинки, бундай ҳолатнинг юзага келишида айбдор бўлган шахслар, мансаби ва даражасидан қатъий назар, тегишлича жавобгарликка тортилиши таъминланади“, - дейилган хабарда.