Россия, Туркия, Франция ва Германия Сурияда тинчликни сақлаб қолишга келишиб олишди

Тўрт мамлакат раҳбарлари Идлибда ўрнатилган вақтинчалик тинчликни имкон қадар узоққа чўзишга келишиб олишди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 окт - Sputnik. Истамбулда Россия, Туркия, Франция ва Германия раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган Сурияда тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар якунланди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.

Тўрт мамлакат вакиллари Сурияда сиёсий жараён фаоллашганини, конституцион қўмита иш бошлаши масалаларини муҳокама қилишди. Саммит олдидан Владимир Путин Тоййип Эрдўғон, Ангела Меркель билан музокаралар ўтказди ва Франция президенти Эммануэл Макрон билан телефонда мулоқот қилди.

Россия билан Туркия 17 сентябрда Суриянинг Идлиб вилоятида тинчлик ўрнатишга келишиб олишган эди. Бугунги саммитда тўрт мамлакат раҳбарлари ўрнатилган ушбу вақтинчалик тинликни имкон қадар узоққа чўзишга келишиб олишди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу саммит тўрт мамлакат раҳбарлари учрашган биринчи саммит бўлди. Сурияда тинчлик ўрнатишга қаратилган учрашув Усмонийлар империясининг сўнгги султони Маҳмуд Воҳидиддин VI га тегишли бўлган “Воҳидиддин” саройида бўлиб ўтди.